АРАВАСОЗЛИК

АРАВАСОЗЛИК — арава ясаш касби; дурадгорликнинг қадимдан кенг тарқалган тармоғи. Арава қаттиқ, пишиқ ёғочдан ясалган. Аравасоз уста аввало ёғоч танлаган. Ўзбекистонда араванинг ғилдирак гардиши, гупчаги, ўқи ва гардиш билан гупчакни бирлаштирувчи ёғочлар қайрағочдан тайёрланган, айниқса гупчак қайрағочнинг чайир қисмидан ясалган, баъзан арава ўқи ва шотисига олма дарахти ёғочидан фойдаланилган. Арава танаси — шотиси ва юк қўйиладиган қисмини ҳамма дурадгорлар ясай олган. Араванинг гупчаги, хусусан ғилдирагини ясаш анча мураккаб ва қийин иш бўлиб, у бир мунча малака талаб қилган. Шаҳар ва қишлокларда аравалар ўрнини автомобиллар ва тракторлар эгаллагач, Аравасозликка эҳтиёж камайди.