АРАБ-ИСРОИЛ УРУШИ (Фаластин уруши) (1948 — 1949) — Араб давлатлари (Миср, Иордания, Ироқ, Сурия, Ливан, Саудия Арабистони, Яман)нинг Исроил давлати билан уруши. БМТ Бош Ассамблеясининг 1947 й. 29 нояб. даги қарорига биноан Фаластин ҳудудида Араб давлати барпо этилиши керак эди. Аммо Исроил унинг 6,7 минг кв. км лик қисмини ҳамда Қуддуснинг ғарбини босиб олган. Араб давлати учун мўлжалланган Фаластиннинг бошқа қисми ва Қуддуснинг шарқий қисмини Иордания ўзига қўшиб олган. Исроил босиб олган ҳудуддан 900 мингдан ошиқ араб аҳолиси қувғин қилинган. Яраш ҳақидаги битим (1949) А.-И. у. натижасида вужудга келган Яқин Шарқ можаросини ҳал этмади.