АРАБИ ОТ

АРАБИ ОТ — салт миниладиган қадимий от зоти; халқ селекцияси йўли б-н Арабистон я. о. да милодий 1-минг йилликда чиқарилган. Туркман, Эрон ва Миср сахро отлари билан урчитиш натижасида такомиллаша борган. У чўл шароитига яхши мослашган, очлик ва сувсизликка чидамли, узоқ, масофага яхши югуради (пойгада 1000 м масофани 1 мин. 8,0 сек. да босиб ўтади). Араби от жуда чиройли, туси бўз, тўриқ, шерози (кулранг) ёки жигарранг. Бу зотнинг дунёдаги от зотларини етиштиришда ва такомиллаштиришда жуда катта иштироки бор. А. о. нинг қарчиғайигача бал. 150 см, кўкрак қафасининг айланаси 175 см, тўпиғи айланаси 18,5 — 19,5 см. Араби от Карпат, Кавказ, Ўрта Осиёдаги тоғ ва тоғ олди минтақаларида маҳаллий от зотларини яхшилашда, от спорти ва цирк томошаларида фойдаланилади. Араби отнинг наслдор айғирлари Ставрополь ўлкасидаги Терек от з-дида урчитилади. Араби от, шунингдек Ҳиндистон, Миср, Туркия, Франция, Испания, ГФР, АҚШ, Польша ва б. мамлакатларда боқилади ва кўпайтирилади.