АРАБ ЁЗУВИ

АРАБ ЁЗУВИ — ёзув тури. Ғарбий Осиё, Шим. Африка мамлакатларида қўлланилади. Ўнгдан чапга томон ёзилади ва ўқилади. Арабистонда мил. 4-а. гача амалда бўлган оромий ёзуви асосида пайдо бўлган. Ҳоз. Араб ёзувида 28 та ҳарф ва 12 та ёрдамчи белги бор. А. ё. нинг оддинги шакли куфий ёзув деб аталган. Фурот дарёси ёқасида жойлашган Куфа ш. олимларининг битиклари бунга асос бўлган. Араб ёзувида 12 та ёрдамчи белгининг кашф этилиши, ҳарфларни бирбиридан фарқ қилдирувчи нуқталарнинг қўлланиши, уларнинг миқдори ва жойлашуви, яъни устки ёки остки нуқталар бўлишининг тайин этилиши бевосита Қуръони Карим билан боғлиқ. Исломшунос олимларнинг гувоҳлик беришича, ислом юзага келиб тарқалгунича арабларда қўлланилган ёзув ҳижозий деб аталган, уни қурайшийлардан Ҳарб ибн Умаййа ўрганган ва ўргатган. Бу ҳам аслида анборий-ҳимёрий ёзув тури бўлиб, Ҳижозда таpqалган Қуръони Карим илк оятлари шу ёзувда битилган. Абу Бакр саҳифалари, Усмон мусҳафлари турли ёрдамчи шакл ва нуқталардан холи ёзилган, унга жузълар, ҳизтлар ва б. кўрсаткичлар аломати қўйилмаган. Қуръони Карим ва б. ёзма асарлар куфий ёзувда ҳам битила бошланди. Чунки бу ёзув олдингисига қараганда мукаммал эди.

Исломнинг Ажам мамлакатларига ҳам ёйилиши ёзувда қисқа унлиларнинг бўлишини заруратга айлантирди. Натижада мил. 688 й. да Ироқ волийси Зиёд ибн Абиҳи Абул Асвад Дувалийга наҳв (синтаксис) дарслиги яратишни буюрди. У қисқа унлиларни (а, и, у) ҳарф устига, ичига ва остига нуқта қўйиш билан белгилади. Иккинчи ислоҳ умавий халифалардан Валид ибн Абдул Малик Марвон даврида амалга оширилди.

Ибн Халликон А«т-тасҳиф» («Нотўғри талаффуз») китобида шундай ёзади: одамлар қирқ йилдан зиёд, то Абдул Малик ибн Марвон замонигача Усмон мусҳафларини ўқишда давом этдилар. Ироқда нотўғри талаффуз қилиш кучайиб кетгандан сўнг, Ҳажжож ўз котибларига шакли ўхшаш ҳарфларни бир-биридан ажратиш учун белгилар тайин қилишни буюрди. Наср ибн Осим бу вазифани ўз зиммасига олди. Натижада, араблар ҳижрий 1-а. 2-ярмидан, яъни умавийлар даврида нуқта ва ҳаракат белгиларини қўллай бошладилар. Абул Асвад Дувалий ҳаракат белгиларини ва Наср ибн Осим нуқталарни жорий этишди.

Шундай қилиб, ҳоз. Араб ёзувининг илк кўриниши куфий деб аталган.

18 шаклдаги ҳоз. Араб ёзуви устки ва остки нуқталар ва уларнинг сони билан фарқ қилувчи 28 ҳарфдан иборат. Омон Мусаев.