АПОСТЕРИОРИ ВА АПРИОРИ (лот. a posteriori — тажрибадан сўнг ва a priori — тажрибагача) — билим ва унинг манбаларига оид фалсафий терминлар. Апостериори — ҳиссий билиш орқали тажрибадан олинган билим. Априори — онгга хос бўлган туғма билим. Кант фалсафасида билим бир-биридан кескин фарқ қилувчи икки қисмга — тажрибагача ва тажрибадан сўнг вужудга келувчи билимларга бўлиб текширилади. Кантда макон ва замон каби тушунчалар соф априори тушунчалар ҳисобланади, бироқ идроксиз, фақат улар ёрдамидагина ҳеч қандай билимга эришиш мумкин эмас. 20-а. да неокантчилик, прагматизм ва конвенционализм асосида априориликнинг функционал ғояси деб аталадиган ғоя вужудга келди, унга кўра априори қоидалари — фандаги ана шу дастлабки фаразлар шартлилик, конвенционаллик ҳолатини ўз ичига олади.