АПОМИКСИС

АПОМИКСИС (апо… ва юн. mixis – оғиш) — организмларнинг жинсий жараён содир бўлмасдан кўпайиши. Том маънода Апомиксис муртакнинг уруғланмасдан ривожланишидир. Янги организмнинг жинсий ҳужайра (тухум) ёки вегетатив ҳужайра ҳосил қилишига қараб Апомиксисни иккига — партеногенез ва апогамияга бўлиш мумкин Апомиксис ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсида кенг тарқалган. Мас, огизайлангичлилар, дафниялар, ширалар ва б. ҳайвонларда, айрим сув ўтлари ва қирққулокларда Апомиксис партеногенез шаклида намоён бўлади. Апомиксис гулли ўсимликларда кенг тарқалган, 43 оилага мансуб 100 дан кўпроқ уруғда учрайди. Апомиксис айниқса буғдойдошлар, қоқидошлар, итузумдошлар, раънодошлар оиласида кўпроқ кузатилади. Апомиксис ирсий (регуляр) ёки ирсийланмайдиган (тасодиф) бўлиши мумкин. Муртакнинг чангланмасдан ривожланиши автоном Апомиксис дейилади. Чангланиш ёки тумшуқчада чангнинг униб чиқиши, баъзан муртак халтасидаги марказий ҳужайранинг уруғланиши билан содир бўладиган Апомиксис индуцирланган Апомиксис деб аталади. Гулли ўсимликларда редуцирланган (муртак гаплоид) ўсимликларнинг 6 оиласида (лавлаги, ғўза, зиғир, тамаки, арпа, буғдой) редуцирланмаган (муртак диплоид) партеногенез (қўнғирбош, чойўт, қоқиўт) мавжуд. Апогамия адвентив эмбриония (муртакнинг муртак халтасидан ташқарида уруғ-куртак ҳужайрасидан ривожланиши) ва партеногенез тушунчалари яқин туради. Кўпайишнинг бу хилларида битта уруғда бир неча муртак ривожланади (цитрусларда доим учрайдиган полиэмброния). Кўпчилик апомиктик турларнинг популяцияларида жинсий формалар ҳам аниқланган. Апомиксиснинг генетик хусусиятларидан айрим ўсимликлар селекциясида фойдаланилади.