АПЕННИН ТОҒЛАРИ — Италиядаги тоғлар, Апеннин я. о. шим.-ғарби (Альп тоғлари)дан жан.-шарққа (Калабриягача) чўзилган. Апеннин тоғларининг узунлиги Калабрия тоғларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда 1200 км. Апеннин тоғлари ўртача баландликдаги, ён бағирлари ётиқ тоғлар. Энг баланд нуқтаси 2914 м (Корно тоғи). Тоғлар, асосан, қумтош, гил ва оҳактошлардан иборат, лава қопламлари учрайди. Ҳаракатдаги ва ўчган вулканлар бор (Везувий ва б.). Бинокорлик материаллари (асосан, мармар) кўп. Иқлими субтропик, Ўрта денгиз атрофига хос иқлим. Ғарбий ён багирларда йиллик ёғин 1000 — 2000 мм, шарқида, тоғ оралиғи ҳавзаларида 600 — 800 мм. Апеннин тоғларидан Тибр, Арно ва б. дарёлар бошланади. Минерал булоклар бор. Ён бағирларининг қуйи қисми зайтунзор, токзор, цитрус экинлари ва доим яшил дубзорлар билан банд; юқорида каштан, дуб, кора қайин ҳамда игна баргли дарахтлар ўсади. Энг баланд қисми яйлов сифатида фойдаланилади.