АПЕЛЬСИН

АПЕЛЬСИН, пўртахол (Citrus sinensis — голландча appelsien — айнан хитой олмаси) — рутадошлар (апельсингуллилар оиласи)нинг цитруслар туркумига мансуб доим яшил дарахт ва бута. Ватани — Бирма ва Жан.-Ғарбий Хитой. Ёввойи ҳолда учрамайди. Тропик ва субтропик мамлакатларда қадимдан маданийлаштирилган (Хитойда 2 минг йилдан бери, Жан. Европада 15-а. дан, Кавказнинг Қора денгиз буйларида 11-а. дан). Бўйи 6 — 12 м. Шох ва новдаларида ингичка тиканлари бор. Барги тухум шаклида, ҳосили асосан нояб.-дек. ойларида етилади. Меваси думалоқ ёки тухумсимон, саргиш ёхуд қизғиш, вазни 300 — 400 г, таъми нордон, таркибида 12% қанд, 1 — 2% лимон кислота, 0,9% оқсил, А, В, С витаминлар ва эфир мойи (пўстида) бор. Апельсин ҳўл мева ҳолида истеъмол қилинади; ундан шарбат, компот, қиём ва мураббо тайёрланади, пўстидан олинадиган мой атир-упа ва кондитер саноатида қўлланилади. Ҳосилдорлиги 200 — 250 ц/га ча боради. 300 га яқин нави бор. Вашингтон навел, Силлиқпўст, Королёк 100 ва б. навлари кўп экилади. Эқилгандан сўнг 3 — 4 йилда ҳосилга киради. Иссиқсевар ва намсевар. Қулай шароитларда 75 йилдан ортиқ яшайди ва ҳосил беради. Трифолиат, бигардия, маҳаллий навлар уруғларидан чиққан ниҳолларга пайванд қилинади. 4×2,5 м схемада экилади. Т-ра — 10° да ер усти қисми бутунлай нобуд бўлади. Апельсин АҚШ, Испания, Италия, Хитой, Туркияда ҳамда Грузиянинг ғарбида кўп етиштирилади. Ўзбекистон ва Тожикистонда усти ёпиладиган махсус узун ўра (траншея)ларда, иссиқхоналарда ўстирилади (яна қ. Цитрус мевалар).