АНЬХОЙ

АНЬХОЙ, Аньхуэй — Хитой шарқидаги провинция, Янцзи дарёси бўйида. Майд. 140 минг км2. Аҳолиси зич, 56 млн. киши (1990). Аньхойнинг Янцзи дарёсидан шим. даги, яъни Буюк Хитой те-кислигидаги қисми пасттекислик, жан. қисми тоғлик. Иқлими субтропик континентал, муссон таъсири кучли. Янв. нинг ўртача т-раси 0° дан 4° гача, июлнинг ўртача т-раси 28°. Кўп ерларда йилига 1000 — 1500 мм, Хуайхэ дарёсидан шим. да 600 — 700 мм ёғин ёғади. Дарёлари кўп, йириклари Янцзи, Хуайхэ. Тупроғи унумдор. Деҳқончиликда ғалла экинлари, айниқса шоликорлик катта ўрин тутади. Хуайхэ дарёсидан шим. да буғдой, маккажўхори, тариқ, индов, рами, тамаки, ловия, пахта, тоғ ён бағирларида чой экилади. Чой, тамаки ва шоли етиштириш жиҳатидан А. Хитой провинциялари орасида 3-ўринда туради. Чўчқачилик, ўрмон хўжалиги, кончилик саноати ва металлургия ривожланган. Аньхойда тошкўмир (Хуайнань), темир рудаси (Данту), мис (Тунгуаньшан), аччиқтош, олтингугурт, фосфорит қазиб чиқарилади. Бир неча электр ст-я ва иссиқлик электр марказлари бор. Данту ш. яқинида металлургия з-ди, Уху ш. да кемасозлик корхоналари, Хэфэй, Банбу ш. ларида қ. х. машинасозлиги ва металлсозлик, бир қанча жойларда тегирмон, обжувоз, ёғ, чой, ип газлама, қоғоз корхоналари бор. Барча юкларнинг 2/3 қисмидан кўпроғи дарё ва кўлларда ташилади. Асосий портлари: Уху, Юйцикоу (Янцзи бўйида), Банбу (Хуайхэ бўйида). Маъмурий маркази — Хэфэй.