АНТРОПОСОФИЯ (антропо… ва юн. sophia — донишмандлик) — худо ўрнида илоҳийлаштирилган одамга эътиқод қилишни тарғиб этувчи таълимот. 20-а. маънавий ҳаётида пайдо бўлган бу таълимотга немис олими Р. Штейнер (1861 – 1925) асос солди. Одамни илоҳийлаштирган Антропософия уч олам: олий — руҳий, ўрта — австрал (энергия), қуйи — табиий (материя) олам бор, деб қарайди. 1913 й. да «Умумий антропософик жамият» деб аталган ташкилот тузилган. Бу жамиятнинг турли мамлакатларда 47 мингдан зиёд аъзоси бўлган. Антропософия ғоялари сўнгги пайтларда пед. да (Вальдорф мактаблари), санъатда (эвритмия), тиббиётда (шу жумладан фармацевтикада), қ. х. да намоён бўла бошлади.