АНТИЦИКЛОН

АНТИЦИКЛОН (юн. анти… ва циклон) — атмосферада юз берадиган ҳодиса; ҳаво оқимлари ҳаракатидан ҳосил бўладиган жуда катта атмосфера гирдоби. Шим. ярим шарда соат мили йўналишида, Жан. ярим шарда эса унга қарама-қарши ҳаракатланади.

Антициклон марказида ҳаво босими максимал бўлиб, четларига томон аста-секин пасайиб боради. Антициклоннинг диаметри 3 — 5 минг км гача, ҳаракат тезлиги 30 — 40 км/соатга етиши мумкин. Ўрта Осиёдаги Антициклонлар Ер юзининг бошқа ҳудудларига қараганда тезроқ: ёзда соатига 50 км гача, қишда эса 60 — 65 км ҳаракатланади. Антициклон доирасида ҳаво юқоридан пастга қараб силжийди. Антициклон эгаллаган майдонда ҳавонинг пастга тушиши ва исиши туфайли эркин атмосферада ҳарорат астасекин кўгарилади ва натижада об-ҳаво кўпинча очиқ ёки кам булутли бўлади. Қишда ва кечаси ер юзасида ҳавонинг совуши натижасида Антициклоннинг пастки қатламида инверсиялар, булутлар ва туманлар вужудга келиши мумкин.

Антициклоннинг Ўрта Осиё ҳудуди орқали утиши совуқ ҳаво массаси бостириб келишининг охирги даврига тўғри келади. Антициклон кам булутли об-ҳавони вужудга келтиради. Сибирь А. и жан.-ғарбий қисмининг Ўрта Осиё ҳудудига тарқалиши очиқ ҳавога сабабчи бўлади.

Тоҳир Мухторов.