АНТИТЕЛОЛАР

АНТИТЕЛОЛАР — иммунитет ҳосил қиладиган моддалар. Антителолар тери остига ёки томирга оқсил табиатли модда (антиген) киритилганда, унга қарши ҳосил бўлади. Антителолар, асосан, қон зардобида тўпланади. Бундай қон зардобига касаллик қўзғатувчи микроб токсинидан аралаштирилса, Антителолар токсинни нейтраллайди (антитоксинли зардоб). А. бор қон зардобига микробнинг ўзи аралаштирилса, зардобдаги Антителолар микробни бир-бирига ёпиштириб, ғуж қилади (агглютинация), баъзан эритиб юборади (лизис), айрим ҳолларда антигенни чўктиради (преципитация). Антителоли қон зардоблари, хусусан, гамма-глобулинлар дифтерия, қизамиқ, қоқшол, газли гангрена, грипп ва б. касалликларнинг олдини олиш ҳамда даволаш мақсадида кенг қўлланилади, суд тиббиётида ҳам ишлатилади.