АНТИСФЕН (мил. ав. тахм. 450 — тахм. 360, Афина) — юнон файласуфи, киниклар мактаби асосчиси, Сократ шогирди. Платоннинг ғоялар тўғрисидаги таълимоти душмани. Антисфен таълимоти асосан амалий йўналишда бўлган; у эҳтиёжлардан воз кечишга, зоҳидларча ҳаёт кечиришга даъват қилган. Анъанавий дин ва анъанавий давлатни рад этган. Унингча, оқил киши бирон-бир давлатга тегишли бўлмай, бутун дунё табааси (фуқароси)дир.