АНТИОХ ДЕВОРИ

АНТИОХ ДЕВОРИ — қад. Марғиёна (Марв) воҳаси атрофини ураган улкан мудофаа иншооти. У салавкийлар ҳукмдори Антиох I Сотер (Халоскор) (мил. ав. 324 — 261) даврида кўчманчи дай (сак қабилаларидан бири) кабилаларининг ҳужумидан Марғиёнани мудофаа этиш мақсадида қурилган. Антик давр тарихчиларидан Страбон (мил. ав. 64/63 — мил. 23/24)нинг маълумотига кўра, Антиох девори уз. 1500 стадий (1 стадий — 148 — 210 м), яъни 222 — 315 км бўлиб, қалинлиги 5,2 м. 10-а. араб географи Истахрий бу девор харобаларини «Аррай» номи билан тилга олган. Антиох девори қолдиқпари Жанубий Туркманистон археологик комплекс экспедициям томонидан (1946 й.) ўрганилган.