АНТИОКСИДЛОВЧИЛАР

АНТИОКСИДЛОВЧИЛАР, антиоксидантлар, оксидланиш ингибиторлари — моддаларнинг молекуляр кислород б-н оксидланишига йўл қўймайдиган ёки оксидланишини секинлаштирадиган моддалар.

Антиоксидловчиларга кўп атомли феноллар, ароматик аминлар, диалкилсульфидлар, диалкил фосфат ва диарилдитиофосфатлар (рух тузи), диалкилдитиокарбаматлар (кадмий, рух тузлари) ва б. киради. Органик бирикмаларнинг оксидланиш жараёни занжир реакция тарзида боради; оксидланишнинг биринчи босқичи эркин ҳолатдаги фаол пероксид радикал (RO2), алкоксил (RO) ва алкил (R) радикаллар иштирокида бўлади. Антиоксидловчилар шу радикаллар б-н реакцияга киришиб, оксидланишнинг тўхташи ёки секинлашишига — занжир реакциянинг узилишига сабаб бўлади. Самарали Антиоксидловчилар моддаларга жуда оз миқдорда (0,01 — 0,001%) қўшилганда ҳам уларнинг оксидланиш тезлигини кескин камайтиради ва маълум вақтгача (тўхташ даври, индукция) уларда оксидланиш маҳсулотлари ҳосил бўлмайди. Антиоксидловчиларнинг таъсирчанлиги уларни реакцияга киритиш пайтига боғлиқ. Улар моддаларга оксидланиш жараёни бошланмасдан аввал қўшилса, жуда яхши натижа беради. Трансформатор, турбина ва мотор мойларига Антиоксидловчилар қўшилганда, уларнинг ишлаш муддати 2 — 4 марта узаяди. Антиоксидловчилар каучук ва озиқ-овқат саноатида ҳам ишлатилади.