АНТИМЕТАБОЛИТЛАР

АНТИМЕТАБОЛИТЛАР (анти… ва юн. metabole — ўзгариш) — тирик организмларда моддалар алмашинуви жараёнида ҳосил бўладиган оралиқ бирикмаларнинг ўзлаштирилишини издан чиқарадиган моддалар. Организмга ёт моддалардан ҳисобланади. Антиметаболитлар кимёвий хоссалари ва тузилиши билан ҳаёт учун зарур моддалар (метаболитлар)га яқин туради. Шунинг учун Антиметаболитлар метаболитларнинг парчаланиши ёки синтезида иштирок этадиган ферментлар билан реакцияга киришиб, комплекс бирикмалар ҳосил қилади. Натижада ферментлар фаолияти тўхтаб, биокимёвий жараёнлар бузилади.