АНТИГУА ВА БАРБУДА (Antigua and Barbuda) — Вест-Индиядаги давлат. Кичик Антил о. лари гуруҳига кирувчи Антигуа, Барбуда ва Редонда о. ларида жойлашган. Майд. 441,6 км2. Аҳолиси 64,3 минг киши (1995), асосан негрлар ва мулатлар. Аҳолининг ўртача зичлиги — 1 км2 га 145 киши. Аҳолининг 32% шаҳарларда яшайди. Расмий тили — инглиз тили. Диндорлар христиан динининг протестантлик оқимига мансубдирлар. Маъмурий-ҳудудий жиҳатдан 7 р-нга бўлинган. Пойтахти — Сент-Жонс ш. ва порти. Антигуа ва барбуда ва Б. 1981 й. да қабул қилинган Конституция бўйича Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига кирувчи мустақил давлат. Давлат бошлиғи Буюк Британия қироли (қироличаси), генерал-губернатор унинг вакили ҳисобланади. Қонун чиқарувчи органи — вакиллар палатаси ва сенатдан иборат парламент. Ижрочи ҳокимиятни генерал-губернатор томонидан тайинланадиган бош вазир бошчилигидаги хукумат бошқаради. Антигуа ва барбуда ва Б да Антигуа лей-бористлар партияси (1968), Бирлашган тараққийпарвар партия (1992), А. ва Б. фуқаролик хизмати ассоциацияси (500 аъзо), Антигуа профессионал ва ишчилар иттифоқи (1940, 10 минг аъзо), Антигуа ишчилар иттифоқи (1967, 10 минг аъзо) мавжуд. Ороллар асосан текисликдан иборат. Текисликнинг энг юқори нуқтаси — 402 м га етадиган Богти-Пик баландлигидир. Антигуанинг шим. ва шарқ-ий қисми оҳакчил ва йирик донадор қум, марказий қисми гил формациялар билан қопланган. Антигуа о. қирғоқлари кемалар учун қулай табиий тўхташ жойларига эга. Қирғоқ бўйининг айрим қисмлари қоялар билан қопланган. Оролларда иқлим — қуруқ ва қуёшли (бир йилда ўртача 1150 мм ёғин ёғади). Қуруқ мавсум нояб. нинг охиридан май ойининг бошигача давом этади. Табиий ўсимликлари ва ҳайвонот дунёси Антигуадан 48 км шим. да жойлашган аҳоли кам яшайдиган Барбуда о. да сақланиб қолган. Бу ясси маржон о. нинг ғарбий қисмида қўлтиқ бўлиб, унинг қўриқхона шароитида сувда сузувчи ёввойи қушларнинг кўп турлари сақланиб қолган. Оролларнинг қад. аҳолиси индейслар бўлган. Антигуа ва Редонда о. ларини 1493 й. X. Колумб ўзининг иккинчи экспедициясида кашф этган. Ороллар дастлаб Испания, Англия ва Франция мустамлакаси, 1667 й. дан бутунлай Англия мустамлакаси бўлган. Инглизлар оролда плантация хўжалигини ташкил этиб, бу ерга Африкадан нефқулларни олиб кела бошладилар. 1834 й. қулчилик бекор қилинди. 1871 й. дан 1958 й. гача Антигуа, Барбуда ва Редонда о. лари Англиянинг Шамолли ороллар мустамлакаси таркибида бўлган. 1981 й. дан мустақил давлат.
Мамлакат иқтисодиётининг асоси — хорижий сайёхлик ва қ. х. Қишлоқ хўжалиги асосан шакарқамиш, пахтанинг узун толали нави, шунингдек, тамаки, кокос пальмаси ва сабзавот етиштиришга ихтисослашган. Чорвачилик яхши ривожланмаган. Ўз озиқ-овқат маҳсулоти етишмаганлиги сабабли у четдан келтирилади. Саноати қ. х. хом ашёсини қайта ишлаш билан банд. Ром ичимлиги, пахта ва кокос ёғи ишлаб чиқарилади. Ташқи савдодаги асосий мижозлари — АҚШ, Буюк Британия, Германия. Пул бирлиги — шарқий Кариб доллари. «Аутлет», «Нейшн» («Миллат»), «Уоркерз войс» («Ишчи овози») газ. лари нашр этилади. 1956 й. дан радиоэшиттириш, 1964 й. дан телекўрсатув ташкилотлари мавжуд.