АНСОРИЙ

АНСОРИЙ (тахаллуси; асл исми Абу Исмоил Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ҳиравий) (1006—Ҳирот — 1088) — мутафаккир, файласуф ва шоир. Тасаввуфнинг йирик намояндаси. Насаби ансорларга тақалади (тахаллуси шундан олинган).

21 ёшида илм олиш учун Тус, Бистом, Нишопурга борган. 1033 й. да пири Ҳарақоний, 1049 й. да шайх Абу Сайд Абулхайр билан танишган. Дунёқараши вужудиюн (пантеизм)га мойил. Ҳиротда шайхулислом ва пир даражасига кўтарилган. Араб ва форс тилида ижод қилган. Форсий адабиёт тарихида насрда сажъга асос солган ва насрий асарларда биринчи бўлиб шеърий парчалар келтирган.

Шеърий мероси 3 девондан иборат (бирортаси ҳам тўлиқ сақланмаган). Фалсафа ва тасаввуфга оид «Кашф ул-асрор» («Сирлар кашфи»), «Илоҳийнома», «Зод ул-орифийн» («Орифлар йўл озиғи»), «Канз ус-соликин» («Йўловчилар бойлиги»), «Қаландарнома», «Замм ул-калом ва ахлихи» («Калом ва калом аҳлининг танқиди»), «Манозил ус-соирин» («Сайр этувчиларнинг манзиллари») каби асарлар ёзган. А. Сулламий (941—1024) нинг «Табақот устсуфийа» («Тасаввуф табақалари») асарини арабчадан форсийга ўгирган. Адабиётшунослик, назм ва наерга оид «Муножот ва мақолот», «Ганжнома», «Анис ул-муридин ва шамс ул-мажолис» («Муридлар дўсти ва мажлислар қуёши» ёки «Юсуф ва Зулайҳо»), «Насиҳатнома», «Туҳфат ул-вузаро» («Вазирларга туҳфа») ва б. асарлар яратган. Асарларининг кўпчилиги панднасиҳат тарзида. Уларда кишиларни илммаърифатга чақирган, ҳукмдорларни адолатли, халққа таянч бўлишга даъват этган, инсонпарварлик, гўзал инсоний фазилатлар, халққа хизмат қилишни улуглаган. «Муножот ва мақолот», «Манозил ус-соирин» каби асарлари, айниқса, машҳур бўлган. Навоий А. ни «муқарраби борий» («Тангрининг яқини») деб тилга олади. Бойсунғур Мирзо Ҳиротда Ансорий қабрига муҳташам мақбара бунёд этган (1425—27). Навоий у ерда хонақоҳ қурдириб, атрофини яна обод қилган (қ. Абдуллоҳ Ансорий мақбараси).

Ад.: Кароматов Ҳ., Абдулло Ансорий ижтимоий қарашларининг айрим хусусиятлари |Адабий мерос], 1981, № 3.