АНОМОЗАМИТ

АНОМОЗАМИТ (Anomozamites) — беннеттитлар оиласига мансуб қадимий ўсимликлар туркуми. Ҳоз. вақтда фақат барг қолдиқлари (қазилма ҳолда) учрайди. Барглари йирик ва патсимон, япроғининг ўрта қисми сегментларга бўлинган. Ҳоз. гача Аномозамитнинг 20 дан ортиқ тури аниқланган. Улар Помир, Зарафшон тоғлари, Фарғона водийсининг жан., шим., шарқий ҳудудлари, Ҳисор тоғлари, Туркманистон, Қоратов, Манғишлоқ, Жан. Қозоғистон, Иссиқкўл ва б. жойларнинг юра ҳамда Шим. Германия, Шпицберген, Гренландиянинг бўр қатламларидан топилган.