АНДРЕЕВЛАР ШИРКАТИ («Андреевское товарищество») —19-а. охири — 20-а. бошларида Ўзбекистон иқтисодиётида ҳукмрон бўлган, ажнабий ва рус капиталининг қудратига таянган йирик акциядорлик жамияти. Андреевлар ширкатини 1912 й. Ўзбекистондаги йирик сармоядорлар Рус-Осиё банки иштирокида ташкил этганлар. Бунга «Ака-ука Кноплар савдо уйи» фирмаси ташаббускор бўлган. Андреевлар ширкатининг дастлабки асосий капитали 750 минг сўм бўлиб, 1915 й. да 5 млн. сўмга етган. Андреевлар ширкати 1917 й. 31 пахта тозалаш, 6 пахта ёғи ва совун ишлаб чиқариш з-дларига эгалик қилган. Андреевлар ширкати Россиядаги «Саломас» акциядорлик жамиятининг фаолиятида қатнашган. «Саломас»нинг 20% акцияси 1917 й. А. ш. қўлида бўлган. Андреевлар ширкати деҳқонлар етиштирган пахтанинг катта қисмини арзон гаровга харид қилиб, толасини Россия ва Польшага сотар, чигитидан ёғ ва совун тайёрлар эди. Андреевлар ширкати 1918 й. март — апр. ойларида Совет ҳокимияти томонидан национализация қилинган.