АНДОРРА (испанча Andorra, франц. Andorre) , Андорра князлиги — Европанинг жан.-ғарбидаги давлат. Пиреней я. о. да, Франция билан Испания оралиғида жойлашган. Майд. 465 км2, аҳолиси 64,5 минг киши (1996). Пойтахти — Андоррала-Велья ш. Расмий тили — каталон тили; маъмурий жиҳатдан 7 жамоага бўлинган. Диндорлар — католиклар. Андорра — мустақил суверен давлат. Франция қироли Карл давридаёқ мустақилликка эришган. Ўша пайтдан то биринчи конституция қабул килингунча Андорра 1278 й. шартномасида белгиланганидек, Франция ва Сео-де-Урхель ш. (Испания) епископининг икки ёқлама протекторатида (измида) бўлди. 1993 й. 14 мартдаги умумхалқ овоз бериши натижасида маъқулланган мамлакат биринчи конституциясига биноан Андорра «парламентли князлик» хисобланади, унда «халқ суверенитети тамойили» қарор топди, собиқ ҳукмдорлар — Франция президенти билан Сео-де-Ур-хель епископига аниқ ваколатли «конституцион давлат бошлиқлари» мартабаси, жумладан, уларга ички хавфсизлик ва мудофаа, ҳудудий ва чегара ҳуҳуқлари, юридик соҳаларда ҳамкорлик қилишга оид халқаро шартномаларни тайёрлашда қатнашиш ҳуқуқи берилди. Конун чиқарувчи олий орган — Бош кенгаш — 28 депутатдан иборат бир палатали парламент. Ижроия ҳокимият олий органи — Ижроия кенгаш (ҳукумат). А. Пиренейнинг жан. ён бағрида, Валира дарёси (Эбро ҳавзаси) ва унинг ирмоқлари водийсида жойлашган. Музликлардан ҳосил бўлган кўллар бор. Иқлими субтропик, йилига 1000—2000 мм ёғин ёғади. Тоғлари дуб, бук ва арчапихта ўрмонлари билан қопланган, баланд альп ва альп ўтлоқлари бор.
Андорра хўжалигининг асосий тармоқлари — қўйчилик ва деҳқончилик. Арпа, жавдар, картошка, сабзавот, узум, тамаки етиштирилади. Озиқ-овқат саноатининг кичикроқ корхоналари, ГЭСлар, хунармандчилик устахоналари бор. Чет эл туризми катта даромад келтиради. Ҳар йили мамлакатга 13 млн. га яқин сайёҳ келиб кетади. Андоррадан четга жун, писта кўмир чиқарилади, четдан озиқ-овқат ва саноат моллари келтирилади. Аҳоли жон бошига ички ялпи маҳсулот 15 минг АҚШ долларига тўғри келади. Мактаб таълими — француз ёки испанча тизимда. «Диари д’Андорра» — каталон тилидаги кундалик газ., 1991 й. да асос солинган. «Побле Андорра» («Андорра халқи») — каталон тилидаги ҳафтанома, 1974 й. да асос солинган. «Андорра радиоси» 1984 й. дан буён ишлайди. «Антенна-7» деб номланган хусусий телекомпания ҳам мавжуд. Музей, кутубхона, қад. ҳужжатлар архиви, араб (8—10-а. лар) ва роман (12 — 16-а. лар) меъморлиги обидалари бор. Муомалада — француз франки ва ис-пан песети.