АНГЛИЯ-РОССИЯ БИТИМЛАРИ

АНГЛИЯ-РОССИЯ БИТИМЛАРИ (1873, 1885, 1907) — 1873 й. битими Англия ва Россия ҳукуматлари ўртасида 1872 й. окт. — 1873 й. янв. да бўлган музокаралар натижасида Туркистон «буфер» пояси — оралиқ ерлари ҳақида тузилган. Бу битим Россия ва Англиянинг Туркистондаги таъсир доиралари чегаралариии ва Афғонистон амирлигининг шим. чегараларини белгилади. Битим Туркистондаги инглиз-рус қарама-қаршилигини вақтинча юмшатди.

1885 й. битими Афғонистон чегараларини белгилаш тўғрисида Лондонда 29 авг. (10 сент.)да имзоланган. Битим Англия ва Россиянинг Туркистон (Жан. Туркманистон)даги 1885 й. низосини, икки йирик давлат ўртасидаги уруш хавфини бартараф қилди. Тузилган инглиз-рус чегара комиссияси асосан Россия талабларини назарга олиб, Афғонистоннинг шим.-ғарбий чегараларини аниқлади ва бу ҳақда 1887 й. 10 (22) июлда Петербургда битим имзоланди.

1907 й. битими Ўрта Шарқдаги таъсир доиралар чегараларини белгилаш тўғрисида 18 (31) авг. да Петербургда имзоланган. Бу битимлар асосан Тибет, Афғонистон ва Эронга доир эди. Англия ва Россия Тибетни мустақил деб тан олди. Эрон 3 зонага: Россия таъсир доирасидаги Шим. зона ва Англия таъсир доирасидаги Жан. зона ҳамда булар ўртасидаги бетараф зонага бўлинди. Афғонистон Англия ҳукумати таъсирида қолди. Россия Афғонистон ҳукумати б-н фақат Англия ҳукумати орқали алоқа қилишга рози бўлди; томонлар Афғонистон ҳудудий бутунлигини бузмаслик мажбуриятини олдилар.