АНАЛОГИЯ

АНАЛОГИЯ (юн. analogia — мувофиқлик, айнанлик, ўхшашлик) — 1) (фалсафада) предмет ва ҳодисаларда бирор хусусиятнинг ўхшашлиги. Мантикда Аналогия ёрдамида икки предметнинг кандайдир бир хусусияти ўхшаса, бошқа хусусиятлари ҳам ўхшашлиги ҳақида хулоса чиқарилади. Чиқарилган хулосанинг тўғри ёки нотўғрилигини билиш учун уни амалиётда текшириб ва синаб кўриш лозим;

2) (ҳуқуқда) бирор тайин ҳаракат қонунда бевосита кўрсатилмаган ҳолда шунга ўхшаш ҳодисани кўзда тутадиган ҳуқуқий нормани мазкур ҳаракатга татбиқ этиш. Ҳуқуқнинг айрим тармоқларида, жумладан фуқаролик ҳуқуқида бирор хил даъво тўғридан-тўғри кўрсатилмаган бўлса, суд шунга ўхшаш муносабатларни кўзда тутадиган бошқа қонунни қўллайди. Жиноят қонунида 1959 й. гача қўлланиб келинган бу қоида ЎзР Жиноят кодексидан чиқариб ташланган. ЎзР ЖКнинг 4-моддасида кўрсатилишича, содир этилган қилмишнинг жиноийлиги, жазога сазоворлиги ва б. ҳуқуқий оқибатлари фақат Жиноят кодекси билан белгиланади. ЎзР ЖКнинг 9-моддасига биноан, шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботлансагина жавобгар бўлади;

3) (тилшуносликда) тил унсурларининг (сўз ясалиши, шакл ясалиши ва б. ҳолатларда) муайян муносабат таъсирида айнанлик касб этиши. Mac, «кўр» объектли феълга «қара» объектсиз феъл синоним бўлиб келиши (учишини кўр — қара), «кўр» кўмакчи феълга «боқ» феълнинг синоним бўлиши (қилиб кўр — боқ);

4) (биологияда) турли манбалардан келиб чиққан, лекин бир хил вазифани бажарадиган, ташқи кўриниши ҳам ана шу вазифага мосланган озми-кўпми бир-бирига ўхшаб кетадиган органлар ва бўлакларнинг ўхшашлиги. Бажарадиган вазифалари бир хил, лекин келиб чиқиши турлича бўлган органлар аналогик органлар деб аталади. Буларга қуш ва капалаклар қаноти, балиқ ва қисқичбақалар жабраси, зирк ва дўланалар тикани мисол бўла олади. Аналогик органларнинг ўхшашлиги фақат ташқи томондан. Уларнинг эмбрионал ривожланишида катта тафовут бор. Mac, қуш қаноти махсус оёқ муртагидан пайдо бўлади, ҳашарот қаноти эса теридан ўсиб чиқади. Зиркнинг тикани кўриниши ўзгарган барг, дўлананинг тикани эса кўриниши ўзгарган шохчадир.