АНАБИОЗ

АНАБИОЗ (юн. anabiosis — тирилтириш, ҳаётга қайтариш) — организмнинг ҳаёт жараёнлари (моддалар алмашинуви ва б.) жуда секинлашган, яъни унинг тириклиги сезилмайдиган даражага ўтган ҳолати. Анабиозни биринчи марта 1701 й. да голланд биологи Анабиоз Левенгук ҳашаротларда аниқлаган. Анабиоз организмлар ривожланишининг турли босқичларида яшаш шароитининг кескин ёмонлашиши (паст ҳарорат, қурғоқчилик) туфайли содир бўлиши мумкин. Анабиоз эволюция давомида организмнинг ноқулай ташқи муҳит шароитига мослашувидан иборат. Анабиоз кўпчилик организмларнинг ривожланиши жараёнида нормал ҳолат ҳисобланади. Mac, бактериялар ва замбуруғларнинг спораси, ўсимликларнинг уруғи, бир ҳужайрали ҳайвонларнинг цистаси анча узоқ муддат давомида тириклик хусусиятини сақлаб қолиб, қулай шароит туғилганида ҳаёт фаолиятини қайтадан бошлайди. Анабиоз ҳолатида умуртқасиз ҳайвонлар (гидралар, чувалчанглар, моллюскалар, ҳашаротлар) ўз танасидаги сувнинг 1/3, ҳатто 1/2 қисмини йўқотади. 0° дан паст ҳароратда сут эмизувчиларнинг қишки уйқуси ҳам Анабиозга ўхшаб кетади. Лекин Анабиоз моддалар алмашинувининг кескин пасайганлиги билан карахтлик ва қишки уйқудан фарқ қилади. Анабиоз ҳодисасидан тирик қуруқ вакциналар тайёрлашда, тўқима ва органларни консервация қилишда кенг фойдаланилади.