АМФОТЕРЛИК

АМФОТЕРЛИК (юн. amphoteros — иккаласи; ҳар иккиси) — баъзи элемент оксидлари ва гидроксидларининг (амфолитлар деб ҳам аталади) муҳитга қараб ҳам кислота, ҳам асос хоссаларини намоён қилиши. Типик амфотер бирикма сифатида сув молекуласини кўрсатиш мумкин. Ундаги кислоталик ва асос (ишқор) лик хоссалари реакцияга киришувчи иккинчи таркибий қисм хусусиятига боғлиқ. Кучли кислоталар билан Амфотерлик хоссасига эга булган бирикма асос ҳолида ва, аксинча, ишқорлар билан кислота ҳолида реакцияга киришади. Кучсиз борат кислота ўзидан кучлироқ ортофосфат кислота билан реакцияга киришганда асос ролини бажариб, ВРО4 тузини ҳосил қилади. Металл гидроксидларидан Амфотерлик алюминий, галлий, рух, қалай гидроксидларда ва б. да учрайди. Булардан галлий гидроксиди сувдаги эритмасининг кислоталик ва асослик хоссалари жиҳатидан диссоциланиш константалари бир-бирига деярли тенг. Органик амфотер бирикмаларга карбоксил гуруҳлари бўлган аминокислоталар мисол бўла олади.