АМФИСБЕНАЛАР

АМФИСБЕНАЛАР, ҳалқали калтакесаклар (Amphisbae nidae) — калтакесаклар оиласи; 17 тача уруққа бўлинадиган 120 тача тури бор. Улар, асосан, тропик Америка билан Африкада тарқалган. Беш тури Испания ва Португалияда, биттаси Эронда учрайди. Тузилиши ерни ковлашга ва ер остида яшашга мослашган. Танаси цилиндр шаклида, ҳалқаларга бўлинган, оёклари йўқолиб кетган ёки олдингиси рудимент ҳолда қолган; териси қаттиқ тангачалари йўқ; кўзи кичкина ва тери билан қопланган, эшитув аъзоси ривожланмаган; битта чап ўпкаси бор. Ёмғир чувалчанги сингари, ерни ковлаб тор йўл очади ва тўмтоқ думи билан олдинга ҳаракат қилади. Шунинг учун улар икки бошли калтакесак деб ҳам юритилади. Амфисбеналарнинг кўп турлари чумоли ва термитлар уясида яшайди. Турли ҳашаротлар, қирқоёқ ва ер остида яшовчи умуртқасизлар билан озиқланади. Тухумини ўз уясига ёки термит ва чумолилар инига қўяди. Ҳирот, ибижара, чипор Амфисбеналар бу оиланинг типик вакили ҳисобланади.