АМУДАРЁ ХАЗИНАСИ

АМУДАРЁ ХАЗИНАСИ, «Ўкуз хазинаси» — мил. ав. 4—2-а. ларга оид заргарлик буюмлари мажмуаси. 1877 й. Вахш ва Панж дарёларининг Амударёга қуйилиш ерида, Тахтиқубод кечуви яқинида топилган, 179 олтин ва 7 кумуш буюм ҳамда ўша даврларда зарб қилинган 1500 та кумуш ва чақа (асосан мил. ав. 4-а. охири — 2-а. боши) тангадан иборат. Олтин зеб-зийнатлар, билагузук, узук, зирак, маржон, бўйинтумор, тўқа ва муҳрлар ҳамда одам, кийик, эчки, ғоз, балиқ ва б. жониворларнинг қуйма олтин ҳайкалчалари, шунингдек, олтиндан ясалган от-аравача, жомчалар бор. Буюмларни турли давр усталари ишлаган бўлиб, ахоманийлар, маҳаллий юнонбақтрия ва саклар маданиятига мансуб. Олтин ва кумуш тангаларга македониялик Искандар, салавкийлар ҳамда ЮнонБақтрия давлати ҳукмдорлари Диодот ва Евтидемлар номлари зарб қилинган. Улар Афғонистон ва Хиндистон орқали Лондондаги Британия музейига (1897) олиб кетилган. Буюмлардаги нақшлар ва қуйма ҳайкалчалар скифларнинг «подшо мақбаралари»дан топилган олтин ва кумуш буюмлардаги жангчи ва ҳайвон тасвирларига ўхшаб кетади. Бу Геродотнит «саклар Қора денгиз бўйларида яшовчи скифлар билан яқин» деган маълумотини тасдиқлайди. Амударё хазинаси Кичик Осиё, Эрон ва Туронни қамраб олган улкан ҳудудда мил. ав. 5—3-а. ларда яшаган халқларнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ бўлган нодир ёдгорликдир.

Ад-: Амударьинский клад: Каталог выставки, Л., 1979.