АМРИТСАР

АМРИТСАР — Ҳиндистоннинг шим. даги Панжоб штатининг энг катта шаҳри ва т. й. тугуни. Аҳолиси 709 минг киши (1991). Энг муҳим савдо ва саноат (асосан тўқимачилик ва озиқ-овқат) маркази. Жун, ип ва ипак газламалар и. ч., гилам тўқишда машҳур. Машинасозлик, кимё саноати корхоналари бор. Металл, суяк, кўндан ҳар хил буюмлар ясалади. Амритсар 1577 й. да муқаддас «Обиҳаёт кўли» (санскрит тилида «Амрита-Сарас») атрофида секҳларнинг тўртинчи гуруси Рам Дас томонидан барпо этилиб, секҳларнинг муқаддас шаҳри, тарихий, диний ва маданий марказита айланган. Амритсарда 16—17-а. ларда қурилган «Олтин ибодатхона» — секҳларнинг муқаддас обидаси бор (1761 й. да вайрон бўлган, сўнг қайта тикланган). Шаҳар 19-а. да Ранжит Сингҳ давлати таркибида бўлган. 1849 й. да инглизлар босиб олган. Ҳиндистон мустақилликка эришгунга қадар мустамлака таркибида бўлган.