АМПЛУА

АМПЛУА (франц. emploi — фойдаланиш) — актёр имкониятларига мос тушадиган роллар туркуми. Маълум ролларга ихтисослашиш барча мамлакат театрлари тараққиёти тарихида учрайди. Амплуада ишлаш, айниқса, Шарқ театрига хос. 17-а. охирига келиб япон театри (Кабуки)да Амплуанинг 8 гуруҳи таркиб топди. Ҳинд театрида эса Амплуанинг 12 гу-руҳи майдонга келди. Маълум давргача Амплуа ижобий роль ўйнаган. Аммо, кейинчалик Амплуа тизими актёрлар ижодида қолип ва нусхаларни келтириб чиқарди, мумтоз драматургиянинг айрим асарлари Амплуа доирасига сиғмай қолди. Саҳнада ҳаётни айнан акс эттириш усули майдонга келгач, Амплуа тизими инқирозга юз тута бошлади. Ўзбек театрининг шаклланиш даврида актёрлик санъатида Амплуа мавжуд эди. Актёрлар реалистик саҳна қонуниятларини пухта ўзлаштирган сайин турли мазмундаги ролларни ижро этишга ўтиб, А. дан узоқлашдилар. Лекин ҳар бир актёрнинг севган роллари, ўз ижо-дий мавзуи бўлади, буни А. билан адаштирмаслик керак. Амплуа майдонларда кўрсатиладиган спектаклларда ҳамон ишлатилади. Амплуага асосланган Шарқ анъанавий театри (Япония, Хитой, Ҳиндистон) шу кунларда ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.