АМПЕЛОГРАФИЯ, токшунослик (юн. ampelos — узум ва графия) — ток турлари ва навларини ўрганадиган фан. «Ампелография» терминини биринчи марта поляк табиатшуноси Ф. Я. Сакс (1661) қўллаган. Ампелографиянинг илмий асосларини испан олими С. Клементе тавсифлаб берган (1806). Ампелография умумий ва хусусий Ампелографияга бўлинади. Умумий Ампелография ток навлари систематикаси, таснифи, келиб чиқиши ва тарқалиши, шунингдек тадқиқотлар ҳамда қиёсий Ампелография усулларини ўрганади. Хусусий Ампелография ток навининг ботаник таърифи, уларнинг агробиологик ва хўжалик нуқтаи назаридан технологик таърифи ҳамда навларни р-нлаштириш масалалари билан шуғулланади. Ток навларини тавсифлашда Халқаро ампелография комиссияси таъсис этган (Вена, 1873) ягона тизим қабул қилинган. Ампелография тадқиқотлари ампелографик коллекцияларда, давлат нав синаш участкалари ва узумчилик хўжаликларида, ёввойи токлар бўйича эса улар ўсадиган ҳудудларда ўтказилади. Тадқиқотлар натижалари даврий нашр этиладиган каталоглар ва «Ампелография» илмий тўпламларида эълон қилинади. Ток меваси — узумни баҳолашда қанд миқдори, кимёвий таркиби, етилиш даври, қайси мақсадда фойдаланиш томонлари ҳисобга олинади. Ампелография тадқиқотлари материаллари алоҳида китоб ҳолида нашр этилади, даврий нашрларда ёритиб борилади, шунингдек Париждаги Халқаро узумчилик ва виночилик бюроси нашр этадиган Халқаро ток навлари регистри (рўйхати)да эълон қилинади. Ампелографияни ривожлантиришда ампелограф олимлардан М. А. Лазаревский, А. М. Негруль, П. X. Кискин, Е. А. Панасевич, Е. Б. Иванов, М. М. Мирзаев ва б. нинг ҳиссаси катта.
Ампелография ток генофондини ўрганиш ва узумчилик бўйича маълумотлар банкини яратишда катта аҳамиятга эга. Ампелография асосида токзорлардан юқори ҳосил олишнинг илмий жиҳатдан асосланган технология тадбирлари ишлаб чиқилади, ҳар бир вилоят тупроқ-иқлим шароитига қараб ток навлари танланади ва тавсия қилинади. Мас, Самарқанд вилояти, асосан, майизбоп узум етиштиришга ихтисослашган. Ўзбекистонда токнинг 100 дан ортиқ маҳаллий ва четдан келтирилган навлари ўстирилмоқда. Кейинги 25—30 й. ичида селекционер олимлар танлаш ва чатиштириш йўли билан бир қанча янги ток навларини яратдилар (Ризамат, Сояки, Ўзбекистон мускати ва б.).
Маҳмуд Мирзаев, Рихсивой Жўраев.