АМОРТИЗАЦИЯ

АМОРТИЗАЦИЯ (лот. amortisatio — қоплаш) , асосий капитал (фондлар) амортизацияси — асосий капитал (машина, механизмлар, жиҳозлар, бинолар, иншоотлар)нинг эксплуатация жараёнида эскириши ва айни пайтда улар қийматининг муайян давр давомида ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларга ўтиб бориши. Асосий воситалар моддий ёки жисмонан ва маънавий эскиради. Моддий эскириш меҳнат воситаларидан фойдаланиш жадаллиги ва унинг корхонада ишлатилган муддатлари билан белгиланади. Маънавий эскириш техника тараққиёти натижасида меҳнат воситаларининг арзонлашуви ҳамда иқтисодий жиҳатдан мукаммал бўлган янги меҳнат воситаларининг яратилиши ва жорий қилиниши билан боғлиқ. Амортизация меъёри асосий фондлар турига, хизмат қилиш муддатларига кўра табақалаштирилади. Амортизация қиймати маҳсулотнинг и. ч. таннархига киритиб борилади. Маҳсулот сотилгач, бу қиймат амортизация ажратмалари кўринишида эскирган жиҳозлар ўрнига янгисини сотиб олиш учун зарур бўлган маблағлар суммаси тарзида жамғарилади.