АММОФОС — таркибида азот билан фосфор бўлган концентрланган минерал ўғит. У асосан моноаммонийфосфат ва қисман диаммоний-фосфат аралашмасидан иборат. Донадор Аммофос таркибида камида 10% азот, кўпи билан 45% фосфор ангидрид бор. А. да балласт компонентлар бўлмайди. Сувда эрийди, физик хусусиятлари яхши. Аммофосни ҳар хил тупроқларда қўллаш мумкин. Ғўзага экишдан олдин (шудгорлашда, баҳорги ҳайдашда, экиш олдидан, экиш вақтида), гуллаш олдидан ёки гуллаган вақтида солинганида ҳам самарали. Ўзбекистоннинг пахтакор хўжаликларида фосфорли ўғитлар йиллик нормасининг 80% ни Аммофос ташкил этади, чунки у бошқа мураккаб концентрланган азотли-фосфорли ўғитларга қараганда самаралироқ. «Аммофос» и. ч. бирлашмаси (Олмалиқ кимё з-ди) ва Самарқанд кимё з-дида ишлаб чиқарилади.