АМЛОКДОР

АМЛОКДОР (араб, амлок, мулк сўзининг кўплиги, форс-тож. дор — эга) — Бухоро хонлигидаги бекликларга қарашли энг кичик маъмурий бўлинма (амлокдорлик)ни бошқарувчи амалдор. Амлокдор аҳолининг ўзига тўқ вакилларидан бўлиб, бек томонидан тайинланган ва бир неча катта ва кичик қишлоқлар унинг ихтиёрида бўлган. У хирож йиғиш, деҳқонлар етиштирган ҳрсилни ҳисобга олиш, солиқ тўламаганларни жазолаш, жарима солиш каби ишлар билан шуғулланиб, котиб (мирзо), мироб, амин, оқсоқоллар ёрдамида амлокдорликни идора қилган.