АМИЧИ

АМИЧИ (Amici) Жованни Баттиста (1786.25.3, Модена — 1863.10.4, Флоренция) — италиялик ботаник ва оптик. Протоплазма ҳаракатини (харасимон сув ўтлари ҳужайрасида), барг оғизчалари тузилиши ва функциясини биринчи бўлиб тавсиф этган, чанг найчаси ва «муртак пуфакчаси» (тухумҳужайра)ни кузатиб, чанг найчасининг уруғланишдаги аҳамиятини тушунтириб берган. Амичи микроскопии такомиллаштириб, иммерсия, яъни текширилаётган нарса билан микроскоп объективи оралиғига суюқлик томизиш усулини ишлаб чиққан.