АМИТОЗ

АМИТОЗ (юн. а — инкор қўшимчаси ва митоз) — ядронинг хромосомалар ҳосил қилмасдан тўғридан-тўғри бўлиниши. Амитоз ҳужайранинг бўлиниши ёки цитоплазма бўлинмасдан фақат ядронинг бўлиниши, яъни икки ва кўп ядроли ҳужайранинг ҳосил бўлиши билан содир бўлиши мумкин. Амитоз одатда ихтисослашган, ўлиб кетадиган ҳужайралар, айниқса сут эмизувчилар муртаги пардаси ҳужайралари учун хос. Амитозга учраган ҳужайралар кейинчалик митотик усулда кўпайиш қобилиятини йўқотади. Кейинги тадқиқотлар Амитозни ядронинг энг содда бўлиниш шакли сифатида илгари мавжуд бўлган фикрларни тасдиқламади. Инфузориялар вегетатив ядроси (макронуклеус)нинг тўғридан-тўғри бўлиниши сиртдан Караганда Амитозга ўхшаб кетса ҳам, аслида митознинг шакл ўзгариши туфайли пайдо бўлган янги типдаги бўлиниш ҳисобланади.