АМИРЗОДА МАҚБАРАСИ

АМИРЗОДА МАҚБАРАСИ — Самарқанддаги Шоҳизинда мақбараларидан бири (14-а.). Мақбара, дафн этилган шахснинг исми маълум бўлмасада, шартли равишда Амирзода мақбараси мақбараси деб аталади. Мақбара пештоқидаги ҳошиялар орасидаги ёзувда Амирзоданинг ўлган йилигина (1386) кўрсатилган. Мақбаранинг асоси тўғри тўртбурчак тарҳли (10×9,2 м). Пойгумбаз саккиз қиррали, гумбази қобирғали. Пештоқни мураккаб ислимий ва гириҳ нақшларидан иборат сиркор парчин ва араб ёзувлари безайди. Мақбаранинг ичи ўзига хос ҳашаматли ва шинам. Деворлари ганч билан сувалган, токча, гумбаз остидаги равоқчалар безаги содда.