АМИР ТЕМУР ОРДЕНИ

«АМИР ТЕМУР» ОРДЕНИ — ЎзРнинг давлат мукофотларидан бири. Бу орден б-н давлатчиликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари, меъморчиликни, илм-фан, адабиёт ва санъатни, шу жумладан, ҳарбий маҳоратни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссалари учун ЎзР фуқаролари мукофотланадилар. Ушбу орден билан давлатлараро ҳамкорликни, тинчликни ҳамда халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш ишига алоҳида ҳисса қўшганлик учун ЎзР фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин. 1996 й. 26 апр. да таъсис этилган (шу орденни таъсис этиш ҳақидаги Қонун билан ЎзРнинг 1995 й. 22 дек. да қабул қилинган «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасига тегишли тузатишлар киритилган). Орден тилла қопланган 925 даражали кумуш қотишмадан тайёрланиб, саккиз қиррали бўртма юлдуз кўринишида бўлиб, Амир Темурнинг улуғвор қиёфаси кумуш рангда тасвирланган. Муаллифи — Ўзбекистон Респубикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов. Ватанимиз тарихида тутган беқиёс ўрни, самарқандликларнинг асрлар давомида миллий фан ва маданиятимизни ривожлантиришга қўшган буюк ҳиссасининг эътирофи сифатида — Самарқанд ш., темурийлар даври улкан маданий ва маънавий меросини, ноёб тарихий ёдгорликларини асраб-авайлаш, ёш авлодни буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари, озод мамлакатимиз буюк истиқболини яратишга қодир кишилар қилиб тарбиялаш ишига қўшган алоҳида хизматларини эътиборга олиб — Шаҳрисабз ш. ана шу орден билан тақдирланди (1996 й. 18 окт.) Ўзбекистон давлатчилигини барпо этиш ва жаҳон ҳамжамиятида миллатимиз обрўсини юксалтириш, фуқаролар тинчлигини ва умуммиллий тотувликни мустаҳкамлаш, маданий қадриятларни асраб қолиш ва ривожлантириш борасида буюк хизматлари учун ҳамда туғилган кунига 60 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов шу орден б-н мукофотланди (1997 й. 26 декабрь).