АМИР МАСТИ ҚОБУЗИЙ

АМИР МАСТИ ҚОБУЗИЙ (15-а. охири, Ҳирот — 16-а. бошлари, Бухоро) — созанда, бастакор, ҳофиз. Абдураҳмон Жомийнинг шогирди. Амир Масти Қобузийнинг ғоят хушовоз эканлигини пайқаган Жомий, унга мослаб «Имома» номли махсус нақш басталаган ва бу асарни ижро этиш йўлларини Амир Масти Қобузийга ўргатган. Дарвиш Алининг «Туҳфат ус-сурур»ида баён этилишича, Амир Масти Қобузий кейинчалик Ҳиротдан Бухорога кўчиб ўтган. Бу ерда у Бухоро ҳофизларига устозлик қилган. Бухоронинг Шайх Аҳмад, Ҳофиз Махмуд, Насафий, Ҳофиз Турди, Ҳофиз Қосим, Ҳофиз Хасан Дарбозаи Обий, Ҳофиз Поёндаи Муҳаммад сингари машҳур санъаткорлари Амир Масти Қобузийнинг шогирдлари.