АМИНОВ Олим Мўминович

АМИНОВ Олим Мўминович (1906, Қўқон – 1981.22.10, Тошкент) — иқтисодчи олим, Ўзбекистон ФА мухбир аъзоси (1968), иқтисод фанлари д-ри (1955), проф. (1959), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1964). 1930 й. да Самарқанддаги Ўзбекистон пед. академиясини тугатган. Қўқондаги давлат пахтачилик ин-тининг ташкилотчиси ва директори (1931 — 34), Низомий номли Тошкент давлат педагогика ин-тида (1934 — 39), 1939 — 66 йларда Тошкент тўқимачилик, халқ хўжалиги ин-тларида ўқитувчи, кафедра мудири, Ўзбекистон ФА Иқтисод ин-ти директори (1945 — 48), ТошДУ ҳузуридаги Ижтимоий фанлар ўқитувчилари малакасини ошириш ин-тининг директори (1966 — 69), кейинчалик Тошкент халқ хўжалиги ин-тида кафедра мудири бўлган. Асосий илмий ишлари, Ўрта Осиё ва Ўзбекистоннинг халқ хўжалиги тарихи, уларнинг бошқа ҳудудлар билан савдо-иқтисодий алоқалари масалаларига бағишланган.