АМИМИЯ

АМИМИЯ ( юн. а — инкор қўшимчаси, mimos — таклидчи) — истара совуқлиги, юз ифодасининг йўқолиши; бунда юзнинг соғлом кишиларга хос имо-ишораси беморларда бутунлай йўқолиб қолади. Уларнинг юз қиёфаси ички ҳиссиётлар (севинч, қувонч, қўрқинч, ҳаяжон ва ҳ. к.) ни ифода этмай, доим бирдек, қотиб қолгандек, ниқоб кўринишида бўлади. Амимия шизофрения, тушкунлик ҳолати, кучли таъсир қилувчи дориларни суиистеъмол қилиш ва б. окибатида юзага келади. Амимия ривожланувчи фалажлик ҳамда мия тўқималари яллиғланиши (энцефалит) нинг асосий белгиларидан биридир.