АМЕРИКА ДАВЛАТЛАРИ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ

АМЕРИКА ДАВЛАТЛАРИ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ (Inter American Development Bank) — Лотин Америкаси мамлакатларини ривожлантириш дастурларини молиялаш учун хизмат қиладиган давлатлараро минтақавий банк, Америка Давлатлари Ташкилотининг минтақавий муассасаси. 1959 й. да ташкил этилган. Бошқаруви Вашингтонда. Банкнинг раҳбар органи — 5 йилга сайланадиган бошқарувчилар Кенгаши. Жорий раҳбарликни директорат олиб боради. 44 давлат аъзо (25 таси Лотин Америкаси давлатлари, 19 таси бошқа минтақалардан, жумладан Европадан 14, Осиёдан 2 мамлакат). Аъзо давлатларнинг бадаллари миқдори турлича. Дастлаб банкнинг Устав капитали 1 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгиланган, 1972 й. да 10 млрд. долларга етди. Овозларнинг 34,5% АҚШга тегишли. Банк кредит ресуреларини асосан халқаро капитал бозорларидан сафарбар этади.