АМАЛИЙ ГЕОГРАФИЯ — ҳоз. замон географик тадқиқот йўналишларидан бири. Амалий география ҳудудлар табиий шароитларини ҳар хил амалий мақсадларда — ердан қ. х. да фойдаланиш, йўл, шаҳар ва саноат иншоотлари қуриш одамларнинг турмуш шароитлари ва соғлиғига мос келиш-келмаслиги нуқтаи назаридан ўрганади. Амалий география тадқиқотлари уч асосий йўналишда: агрогеографик, муҳандислик-географик ва тиббий-географик йўналишларда олиб борилади. Агрогеографик тадқиқотлар ерларни суғориш ёки қуритиш, яйлов чорвачилиги, баҳорикор деҳқончилик, тупроқни зарарли табиий жараёнлар таъсиридан, сув ва шамол эрозиясидан сақлаш каби масалаларни ўрганади. Тупроқлари, рельефи, иқлими, ўсимликлари ва ёғин миқдори каби хусусиятларига кўра муҳим бўлган жойлар махсус хариталарда алоҳида ажратиб кўрсатилади. Агрогеографик тадқиқотлар Ўзбекистонда — Макроиқтисодиёт ва ижтимо-ий тадқиқотлар ин-ти, Сейсмология ин-ти таркибидаги География и. т. бўлими, хусусан, Тошкент, Самарқанд, Фарғона ун-тларининг география ф-тларида олиб борилади.
Муҳандислик-географик тадқиқотлар ҳудудларнинг табиий шароитларига ҳар хил муҳандислик иншоотлари ни жойлаштириш имконини ўрганади. Ўзбекистонда йўл, канал, шаҳарлар, саноат биноларини қуришда, ернинг қиялиги ва рельефнинг нотекислиги, лёсс грунтларнинг чўкиш эҳтимоли, қум кўчишлари ва тез-тез бўлиб турадиган кучли шамоллар ҳисобга олинади. Бунда географ табиат ҳодисалари орасидаги боғланишлар ва қонуниятларни аниқлайди. Чунончи, Ўзбекистоннинг жан. даги қурғоқчил ҳудудларида лёсс кўп қаватли уйлар, з-д ва б. иншоотлар учун мустаҳкам замин бўла олади. Лекин республиканинг сернам тоғ олди р-нларида лёсс мустаҳкам эмас, тез чўкади, натижада иншоотлар деформацияга учрайди. Қизилқумда йўл қуриш лойиҳалари тузишда шамоллар режимини, қум ҳаракатининг тезлигини ва қум рельефи шаклларини, қум кўчишига йўл бермайдиган ўсимлик турларини билиш шарт. Агар қурилиш олдидан мутахассис бундай маълумотларга эга бўлмаса, у ҳолда йўл қум келтирувчи шамоллар зонасига тушиб, тез-тез қум босиб қолиши мумкин.
Тиббий-географик тадқиқотлар, айниқса, янгидан ўзлаштирилаётган ерларнинг тиббий-географик башорат харитасини тузиш муаммолари билан шуғулланади. Географик тадқиқотнинг бу соҳаси маҳаллий географик шароит билан боғлиқ вабо, туляремия, энцефалит, буқоқ касалликларининг тарқалиш қонуниятларини ўрганишда муваффақиятларга эришди.
Потиҳкамол Ғуломов.