АЛ-МАСЖИД ал-ҲАРОМ

АЛ-МАСЖИД ал-ҲАРОМ (араб. муқаддас масжид) — Маккадаги Каъба ибодатхонаси ва у билан боғлиқ бўлган мажмуа. Қуръонда шу ном билан тилга олинган. Бу мажмуа қадимдан мавжуд бўлган, арабларда исломгача ҳам сиғиниладиган муқаддас жойлардан бири ҳисобланган. Юнон тарихчиси Птолемей асарларида 2-а. да Макка ва ундаги ибодатхонанинг мавжудлиги тилга олинган. 630 й. мусулмонлар Маккани эгаллагач, Ал-масжид ал-Ҳаром ислом динининг маркази, энг мукаддас ибодатхона деб танилган. Ал-масжид ал-Ҳаром мажмуасининг марказида Каъба ва ҳовлисида Замзам булоғи, икки тепалик (Сафо ва Марва) бор. Тепаликлар тим билан туташтирилган. Маежид 1570 й. да мажмуа бўлиб шаклланган. Тўғри тўртбурчак тарҳли (160*110 м), ҳовли атрофи 3—4 қаторли равоқли устунлар қатори билан ўралган. Устун (жами 550 та)лар мармар ва гранитдан ишланган. Бошаси муқарнаслар билан безатилган. Шим. ва жан.-ғарбий қисмидаги кўчага қараган пешайвон асосий бинодан бир оз ташқарига чиқариб қурилган. Бино бурчэкларига 7 сало-батли минора ишланган [улардан энг қадимийси (757 й. да қурилган) шим. қисмида жойлашган, шимоли-шарқий қисмидагиси 15-а. да, қолганлари 16-а. бошларида қурилган]. Ал-масжид ал-Ҳаром мусулмонлар ҳаж қиладиган мукаддас жой ҳисобланади. У ғайримуслимлар учун ёпиқдир. Охирги таъмирлаш ишларидан сўнг Ал-масжид ал-Ҳаром майдони кенгайиб, 328 минг кв. м. ни ташкил этади. Бу бир вақтнинг ўзида 730 минг, ҳаж ва умра пайтларида эса 1 млн. намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Ҳаж маросимининг бошланиши ва туғалланишида албатта Ал-масжид ал-Ҳаромга келиб Каъба тавоф қилинади (234-б. даги расмга қ.).