АЛЛОҲ (араб, «ал-илоҳ» — илоҳий куч, худо) , Оллоҳ — ислом динида бутун мавжудотни яратган олий илоҳий куч; худонинг номи. Кейинги йиллардаги адабиётларда маҳаллий талаффузга мослаб Оллоҳ шаклида ҳам қўлланиб келинган. Одатда Аллоҳга таоло (улуғ, олий) сифати қўшиб айтилади.
Шим. Арабистонда истиқомат қилган самуд қабиласининг ибодатгоҳидан топилган мил. 2—3-а. ларга тегишли ёзувда айтилишича, ўша пайтда уларнинг бош худоси — А. бўлган. Бошқа шим. араб (сафовий) ёзувида «ҳолло» сўзи учрайдики, бу ерда «ҳо» ҳоз. замон араб адабий тилидаги аниқлик юкламаси «ал» нинг ўрнини босади. Аллоҳ ислом ёйилиши арафасида баъзи арабларнинг, хусусан, Макка ахлининг худоларидан бири бўлган, деган фикр ҳам бор. Дастлаб Аллоҳ сўзи маъно жиҳатидан «Илоҳ» (худо) ва «рабб» (парвардигор, эга) сўзларидан фарқ қилмаган. Бунга Муҳаммад (сав)нинг оталари Абдуллоҳ исмида бўлганлари далилдир. Қад. римликларда Юпитер, юнонларда Зевс, яҳудийларда Яхве, славянларда Перун, туркий тилли халқларда эса Тангри бош худо ҳисобланган. Бинобарин якка худога эътиқод қилиш (қ. Тавхид) исломдан анча илгари бошланган. Бевосита ислом ёйилиши арафасида ўзларини Иброҳим (ас)га мансуб деб билган ҳанифлар араб қабилаларини ўз санамларидан воз кечишга ва ягона Аллоҳ (Илоҳ)га эътиқод қилишга даъват этганлар. Кўпхудоликни рад этиб, айнан шу Иброҳим (ас) ва б. улуғ аждодларнинг яккахудолик динига қайтишни араблар орасида астойдил тарғиб қилишга киришиш Муҳаммад пайғамбар(сав)га биринчи бор ваҳий келган йил — 610 й. дан бошланган.
Ислом динига биноан Аллоҳ — яккаюягона худо, оламнинг яратувчиси ва қиёмат кунининг эгаси. У Муҳаммад пайғамбар(сав)ни инсониятга ўзининг сўнгги элчиси сифатида юборган. Исломнинг энг асосий талаби ҳисобланган калимаи шаҳодат «Ло илоҳа иллалоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ» («А. дан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад — А. нинг пайғамбари»), деб уқтиради. Исломга кўра, Қуръон Муҳаммад (сав)га нозил қилинган Аллоҳнинг сўзидир. Қуръони каримда Аллоҳнинг ягоналиги ва буюклиги жуда кўп бор таъкидланади. Шунингдек Қуръонда доимо Аллоҳнинг мукаммаллиги, қодирлиги ва улуғлиги ҳақида гапирилади. Аллоҳ «алим», яъни билувчидир, у бўлиб утган ишларни, энди бўладиган ишларни, хоҳ катта, хоҳ кичик, барчасини билади; А. «мурид», яъни хоҳлагувчидир — дунёдаги ишларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг иродаси ва хоҳиши ила бўлади, у хоҳлаган иш бўлмай қолмас ва хохламаган иш асло бўлмас; А. «қадир», яъни ҳар ишга қудрати етувчидир; А. «басир», яъни кўрувчи — ер ва осмондаги, қоронғу ва ёруғдаги, катта ва кичик нарсаларнинг барчасини кўради; А. «самиъ», яъни эшитувчи — қаттиқ бўлсин, секин бўлсин ҳар қандай овозларни эшитади; А. «мутакаллим», яъни сўзлагувчи — Қуръони каримдаги барча оятлар, шунингдек Таврот, Инжил, Забур китоблари Аллоҳ таолонинг сўзидир; А. «мукаввин», яъни бўлдиргувчи — дунёдаги барча нарсалар унинг бўлдирмоғи ила бўлгандир; А. «раббун», яъни тарбия қилувчи — барча жонли ва жонсиз нарсаларни тарбия қилади; А. таоло «одил», яъни тўғрилик қилувчи — ҳар бир ҳукмни ва ҳар бир ишни тўғрилик ила қилади, ҳеч кимга жабр ва зулм қилмайди. У раҳмдил, меҳрибон ва кечиримли. Одамлар бутунлай унга итоат этишлари (исломга киришлари), худодан қўрқиб виждонли бўлишлари, барча нарсада Аллоҳга ва унинг иродасига ишонишлари лозим. Аллоҳ ўзи хоҳлаган пайтда ердаги барча нарсани барбод этади, ўликларни тирилтиради ва уларни ўз ҳузурига ҳукм қилиш учун йиғади; у ерда ҳар кишининг қилган амалига кўра жаҳаннам (дўзах) азобига дучор қилади ёки жаннат билан мукофотлайди.
Аллоҳ ҳақидаги таълимот мусулмон дини ва илоҳиёт фанининг асоси бўлиб қолди. Аллоҳ табиатининг турли қирралари ҳадисларда, тафсир ва илоҳиётга оид махсус асарларда тилга олиниб, тушунтирилди. Шунга кўра, Унинг сифатлари инсон сифатларидан тубдан фарқ қилади. Баъзи уламолар фикрича, Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари тўғрисида чуқур бахс юритиш шаръан ман этилади. Аллоҳ бирор нарсага ўхшатилмайди ва бирор нарса ҳам Аллоҳга ўхшатилмайди.
Аллоҳнинг илоҳий сифатлари Қуръони каримда тилга олинган 99 исмида яққол кўринади ( қ. Ал-асмо ал-ҳусно).
Аллоҳ билан одамларнинг ўзаро муносабатлари муаммоси исломдаги икки оқим — суннийлик ва шиалик ўртасидаги фаркланишнинг асосини ташкил этади. Суннийлар Муҳаммад (сав) вафотидан сўнг Аллоҳ билан одамлар ўртасидаги бевосита алоқа тўхтаб қолган деб ҳисоблайдилар. Шиалар эса бу алоқа имомлар орқали давом этмоқда, деб биладилар.
Ҳамидулла Кароматов, Абдулазиз Мансур.