АБДУМАЖИДОВ

АБДУМАЖИДОВ Ғафур (1928.28.6, Самарқанд) — ҳуқуқшунос олим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1987). Юридик фанлари д-ри (1983), проф. (1985). Тошкент юридик ин-тини битирган. Республика прокурори ҳузуридаги алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи (1951 й. дан), Ўзбекистон ФА Фалсафа ва ҳуқуқ ин-тида катта илмий ходим, сектор мудири (1961—66). Ички ишлар вазирлиги Тошкент олий мактаби криминалистика кафедраси мудири (1974 й. дан). 1991—95 й. ларда ЎзР Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғининг ўринбосари, 1995 й. дан ЎзР Конституциявий судининг судьяси. Абдумажидовнинг илмий фаолияти жиноятларни текшириш назарияси ва амалиётининг муаммоларига бағишланган. ЎзР Конституциявий комиссияси таркибида ЎзР Конституцияси (Асосий қонуни) лойиҳасини ишлаб чиқишда қатнашган. «Ўзбекистон давлат ва ҳуқуқ тарихи», «Жиноят ҳуқуқи» ва б. дарсликлар ҳаммуаллифи. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1995).