АЛЛАНТОИС

АЛЛАНТОИС, эмбрион қовуғи (Allantois) — судралиб юрувчилар, қушлар ва сут эмизувчилар — амниоталарнинг эмбрион пардаларидан бири. Орқа ичакдан ҳосил булади, амнион билан сероз парда орасида жойлашади. Эмбрионда нафас олиш, чиқариш ва озиқлантириш вазифасини бажаради. Судралиб юрувчилар ва қушларда Аллантоис яхши ривожланган. Сут эмизувчиларда эмбрион бачадонда тараққий этганлигидан Аллантоис бир қанча ўзгаришларга учрайди ва йулдош (плацента) шаклланишида қатнашади. Аллантоис деворидаги бир талай қон томирлари эмбрион билан ташқи муҳит ёки эмбрион билан она организми уртасида газ алмашинувини таъминлайди. Эмбрион ривожланишининг сўнгги даврларида Аллантоиснинг эмбрионда қолган қисми қовуққа айланади.