АЛИХОНТЎРА

АЛИХОНТЎРА Шокирхўжа ўғли (тахаллуси Соғуний; 1885. 21.3, Тўқмоқ — 1976.28.2, Тошкент) — дин ва жамоат арбоби, уламо. Арабистон (Мадина)да ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олди. Чор маъмуриятининг ерли аҳолини мардикорликка олиш сиёсатига қарши чиққанлиги учун подшо махфий полицияси таъқибида бўлди. 1916 й. қўзғолони шафқатсизларча бостирилгач сиёсий муҳожир бўлиб Қашқар (Хитой)га кетди, кейин Шарқий Туркистон (Ғулжа ш.)га борди. Омма орасида ҳуррият ғояларини тарғиб қилганлиги сабабли 1937 й. Хитой маъмурлари томонидан ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. 1941 й. адлиявий тафтиш натижасида озод қилинди. 1944 й. 12 нояб. да Шарқий Туркистон жумҳурияти эълон қилиниб, А. Муваққат инқилобий ҳукумат раислигига сайланди. Миллий қўшин ташаббускори бўлди ва унга қўмондон этиб тайинланди. 1946 й. июнда шўро айғоқчилари томонидан махфий равишда тазйиқ билан Ғулжадан олиб чиқиб кетилган Алихонтўра умрининг охиригача Тошкентда яшади. Аҳмад Донишнинг «Наводир-ул вақое», Дарвиш Али Чангийнинг «Мусиқа рисоласи», шунингдек «Темур тузуклари» каби асарларни таржима қилди. Алихонтўранинг «Девони Соғуний» шеърий тўплами, «Тарихи Муҳаммадий», «Шифо ул-илал» («Хасталиклар давоси») ва б. асарлари бор. А. тарихий меъморлик обидалари ва қад. қўлёзмаларни сақдаб қолишда жонкуярлик қилган. Тошкентдаги Шайх Зайниддин бобо қабристонига дафн этилган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Алихонтўранинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкентнинг Яккасарой туманидаги ўрта мактабга, Чилонзор туманидаги маҳаллага, Шайхонтоҳур туманидаги кўчага унинг номи берилди.

Ас: Тарихи Муҳаммадий, 2 жилд, Т., 1991; Тарихи Муҳаммадий [2-нашри], Т., 1997. Ад.: Ватан туйғуси (тўплам), Т., 1997.