АЛИФБЕ

АЛИФБЕ — дастлабки савод берадиган ўқув қўлланмаси. Алифбе босма, ёзма ҳарфлар ва улар ифодалайдиган нутқ товушлари, уларнинг ёзилишини ўзлаштириш, содда бўғин ва сўзларни қўшиб ўқишга ўрганиш ва ўқилаётган нарсани тўғри тушуниш ҳамда содда сўз ва гапларни ёзишга ўрганишга ёрдам беради. Мактабхоналарда Алифбе бўлмаган. Унинг ўрнига савод ўрганиш учун махсус тахта қўлланилган. Тахтанинг бир томонига тартиб билан араб ҳарфлари, иккинчи томонига эса абжад ёзилган. Талабалар ҳарфларни батамом ёд олгандан сўнг абжадхонликка ва ҳафтиякхонликка ўтар эдилар. Бу усул асосан 1900 й. гача давом этган. Туркистон царус-тузем мактабларининг ҳамда янги усулдаги мактабларнинг пайдо бўлиши билан Алифбе дарслиги юзага келди. 1902 й. да рус-тузем мактабларининг ўзбек синфлари учун биринчи ўзбек Алифбеси — «Устоди аввал» нашр этилди. Бу А. нинг муаллифи Саидрасул Саидазизов. Китоб 1917 й. гача 17 марта нашр этилган. Шу йилларда Мунавварқори Абдурашидхоновнинг «Адиби аввал» (ўзбек мактаблари учун биринчи Алифбе), Мулла Рустамбек ибн Юсуфбекнинг «Таълими аввал», П. Бидановнинг «Суллами аввал», А. Авлонийнинг «Биринчи муаллим», А. Ибодиевнинг «Таҳсил ул-алифбо», М. Фахриддиновнинг «Раҳбари аввал» каби Алифбелар нашр қилинган. Кейинчалик Шокиржон Раҳимий яратган «Совға» дарслиги нашр қилинган. Шунингдек, М. Қодиров ва б. нинг «Катталарга ўқиш» (1920), Ф. Эрғозиев ва А. Йўлдошевнинг «Алифбе» (1936) китоблари босилиб чиққан. 1938 й. дан О. Шарафиддинов тузган Алифбе нашр қилинди; мазкур Алифбе Абдуллаева ҳаммуаллифлигида қайта ишланиб нашр этилди ва ўзбек мактабларида ўқув қўлланмаси вазифасини бажарди. ЎзР Олий Кенгашининг 1993 й. 2 сент. да «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий қилиш тўғрисида» Қонуни қабул қилингач, бир қанча Алифбелар тайёрланди. Хусусан, 1996—97 й. ларда О. Шарафиддинов, Қ. Абдуллаева ва б. нинг «Алифбе» («Шодлик»), Т. Ғаффорова, Э. Шодмонов, Р. Эштурдиеванинг «Алифбе» («Савод»), катта ёшдагилар учун Й. Абдуллаевнинг «Ҳамроҳим», «Совға», Й. Абдуллаев, Ш. Йўлдошеванинг «Янги алифбо ва имло» ўқув қўлланмалари чоп этилди (яна қ. Дарслик).

Йўлдош Абдуллаев.