АЛИ ибн Абу Толиб (тахм. 600-661, Кўфа) — исломда «хулафо ар-рошидин» («тўғри йўлдан борган халифалар»), диндорлар ўртасида «чорёрлар» деб аталган дастлабки 4 халифадан тўртинчиси. Қурайш қабиласининг ҳошимийлар хонадонидан. Муҳаммад (сав)нинг амакиваччаси ва куёви (Фотиманинг эри). Исломда вужудга келган шиалик ҳаракати бевосита Али исми билан боғлиқдир. 7 – а. ўрталарида халифа Усмон сиёсатидан норозилик оммавий тус олди. Муҳаммад(сав)нинг барча юришларида иштирок этган, қўрқмас ва содиқ жангчи, ўта тақводор инсон, моҳир нотиқ Али халифаликка муносиб номзод сифатида кўпчиликка маъқул эди. 656 й. июнида Усмон ўлдирилди ва Али халифа деб эълон қилинди. Аммо саҳобалардан Талҳа ва аз-Зубайр ҳамда Алига нисбатан адоватда бўлган пайғамбарнинг беваси Ойша тарафдорлари унга қарши бош кўтардилар. Қатл этилган Усмоннинг қариндоши Сурия ҳокими Муовия ҳам Алига қарши уруш эълон қилди. 657 й. Фурот дарёси ўнг қирғоғидаги Сиффин деган жойда юз берган жангда Али қўли баланд келган бўлсада, у рақиблари билан келишишга кўнди. Бундан норози бўлган Али аскарларидан 12 минг киши жанг майдонини тарк этдилар ва хорижийлар деб аталган диний-сиёсий оқимни ташкил қилдилар. Хорижийлар рақибларига нисбатан якка террор усулини қўллай бошладилар. 661 й. 19 янв. да Али Ибн Мулжам деган шахс томонидан масжиддан чиқиш пайтида жароҳатланди ва икки кундан сўнг вафот этди. Исломда Али шахсига муносабат турличадир. Хорижийлар унга ўта салбий муносабат билдирган бўлсалар, шиалар аксинча уни илоҳийлаштириб юборганлар. Аҳли сунна А. шахсига мўътадил ва тўғри баҳо беради. Шубҳасиз, Али Умар ибн ал-Хаттоб сингари ислом ғалабаси йўлида катта хизмат кўрсатган арбоб, ислом аҳкомлари, Қуръон ва унинг тафсирлари ҳамда ҳадис ривоятлари билан боғлиқ кўп масалаларнинг чуқур билимдони бўлган. Али тарафдорлари кейинчалик исломдаги шиалик (араб. — «шиа» — гуруҳ, бу ўринда «Али тарафдорлари» мазмунида) оқимини ташкил этганлар. Али шиаларнинг 1-имоми ва шиа имомлари шажарасини бошлаб берувчи ҳисобланади. Шиалар ўртасида Алининг қаҳрамонликлари ва саргузаштларини тасвирловчи жуда кўп ривоятлар тўқилган ва бу суннийлар ўртасида ҳам кенг ёйилган. Шиа йўналишининг баъзи ашаддий фирқалари Али шахсини илоҳийлаштириб, уни Муҳаммад пайғамбардан ҳам юқори қўядилар. Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистонда бир неча қадамжо ва мозорлар Али номи б-н боғланиб, муқаддаслаштирилган. Ҳақиқатда эса Али Ўрта Осиё ва Эронда ҳеч қачон бўлмаган.
Аҳаджон Ҳасанов.