АЛ-АЗҲАР

АЛ-АЗҲАР (ал-Жоми ал-Азҳарнинг қисқа номи) — Қоҳирадаги жоме масжид, ун-т, ўрта ва ўрта махсус билим юртларини ўз ичига олган йирик расмий диний муассаса. Масжид 970—972 й. лари фотимий халифа ал-Муизз амрига биноан Қоҳира шаҳри билан баробар қурилган. Унинг таркибидаги Мадраса (996) 11-а. дан бошлаб Қуръон, ҳадис, фиқҳ, тил ҳамда балоғат фанлари ўқитиладиган ун-тга айланди. 14—15-а. ларда унга яна бир неча янги қурилган мадрасалар кўшидди. 18-а. да Ал-азҳар энг мўътабар умуммусулмон фан ва таълим маскани сифатида шуҳрат қозонди. 19-а. бошида Ал-азҳар уламолари Наполеон Бонапарт исти-лосига қарши халқ ҳаракатига бошчилик қилдилар. 19-а. охири — 20-а. бошида Ал-азҳар Абду Муҳаммад бошлиқ ислоҳот тарафдорлари билан консерваторлар ўртасидаги кураш майдонига айланди. 1961 й. «алАзҳарни ривожлантириш ҳақида» қонун қабул қилингач, вазирлик мақоми берилган. Ал-азҳар диний муассасасига раҳбар — Шайхул Азҳарни Миср Президенти тайинлайдиган бўлди. Ушбу конунга кўра А. унверситетида қатор дунёвий ф-тлар, жумладан, идора ишлари ва савдо, политехника, қ. х., тиббиёт, пед. ва хотинқизлар ф-тлари очилди. Ал-азҳар ҳузурида 50 йирик уламодан ташкил топган (шулардан 30 нафари мисрлик ва 20 нафари хорижий уламолар) ислом тадқиқотлари Академияси фаолият кўрсатмоқда. Ал-азҳар кутубхонасида 20 мингдан зиёд қўлёзмалар жамғармаси мавжуд. «Мажаллат ал-Азҳар» журналини нашр этади. Ал-азҳар унтининг ф-тларига шу муассаса таркибига кирувчи бошланғич, ўрта ва ўрта махсус билим юртларини муваффақиятли тугатган толиби илмлар қабул қилинади. Ўрта таълим юрти (маоҳид иъдодия)да ўқиш муддати — 4 й., махсус таълим (маоҳид сонавия)да эса — 5 й. А. ун-тининг турли босқичларида 108,5 мингдан ортиқталаба таҳсил олади. Таниқли уламолар Зиёвуддинхон ва Шамсуддинхон Бобохоновлар, Абдуғани Абдуллаев, Юсуфхон Шокиров, қорақалпоғистонлик диний арбоб Раҳматулла Идрисов, арабшунос олим Шоикромқори Шоисломов ва б. А. да таҳсил кўрганлар.

Аҳаджон Ҳасанов.